Новости / 2020 йил якунлари: соф фойда - 44,83 млрд. сўм

Жорий йил 12 февраль куни “Dori-Darmon” акциядорлик компанияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари иштирокида 2020 йил якунларига бағишланган навбатдаги кенгайтирилган йиғилиш “ZOOM” видеоконференцалоқа иловаси орқали ўтказилди.

Йиғилиш аввалида Компания бошқарув раиси Салихбаева Умида Саидовна коронавирус пандемияси даврида фидойилик билан куну тун фаолият кўрсатганлиги учун барча раҳбарларга ва улар орқали ходимларга ўз ташаккурини билдирди. Шунингдек, уларнинг келгусида ҳам аҳоли саломатлигини сақлаш йўлида жонбозлик билан фаолият кўрсатишига муваффақият тилади.

Шундан сўнг, компаниянинг молия бўйича директори Илёс Разаков компания ва унинг таркибидаги акциядорлик ва масъулияти чекланган жамиятларда 2020 йил якуни бўйича тасдиқланган бизнес режа кўрсаткичларининг бажарилиши ҳақида призентация орқали маълумот бериб ўтди.  

 “Dori-Darmon” акциядорлик компанияси тизими бўйича умумий товар айланмаси 2019 йил билан солиштирганда 436,0 млрд. сўмдан 2020 йилда 894,8 млрд. сўмга ошган. Шундан улгуржи товар айланмаси 2019 йилда 172,4 млрд сўм, 2020 йилда 605,4 млрд. сўм, чакана савдо айланмаси 2019 йилда 263,6 млрд сўм, 2020 йилда 289,4 млрд. сўм. 

2020 йилда компаниянинг соф фойдаси 44,83 млрд. сўмни ташкил этди.

Йиғилиш давомида “Dori-Darmon” акциядорлик компаниясининг ҳудудий бўлинмалари йиллик фаолияти ҳам ҳар томонлама таҳлил қилинган ҳолда ўрганиб чиқилди, йўл қўйилаётган камчиликлар танқид қилиниб, керакли тавсиялар берилди. Компания тизимидаги ижтимоий дорихоналар фаолиятини ривожлантириш, савдо ҳажмини ошириш, зарур дори воситалари ассортиментини кўпайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Ҳудудий бошқармаларнинг таклифлари ўрганилди.

Йиғилишда импорт асосида ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан улгуржи харид қилинган дори воситаларига нарх белгилашда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан дори воситаларига нисбатан референт нарх шакллантириш тизими йўлга қўйилганлиги ва нархларнинг электрон (онлайн) реестри юритилиб келинаётганлиги, шу реестрдан фойдаланган ҳолда улгуржи ва чакана нархларни белгилаш лозимлиги қайд этилди.

Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган кенгайтирилган йиғилиш якунида 2021 йил давомида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.